2021-02-22 11:59:37
Тошкент вилоятида 2 йигит уларни дўппослаган эркакнинг мебель дўконини ёқиб юборди
(Эслатма: Қуйида келтирилган барча шахсларнинг исмлари ўзгартирилган)
Тошкент вилояти Зангиота туманида 14 февраль куни соат 19:00 да сотувчи Сирожиддин гумма сотишга мўлжалланган столини йиғиштириб, аравага ортаётган вақтда Ҳумоюн ва Жонибек «Lacetti» машинасида келиб, Сирожиддинни тўхтатган. Бу вақтда Сирожиддин машина ойналарини аравада бўлган стол билан уриб синдирган ва Ҳумоюнга ҳам жароҳат етказган. Жанжалга Сирожиддиннинг қариндоши Баҳром ҳам қўшилиб, қўлидаги темир қувур билан Ҳумоюнга тан жароҳати етказган.
Ушбу жанжалдан сўнг 15 февраль куни соат 4:50 да Ҳумоюн ва Жонибек қасд олиш мақсадида Баҳромга тегишли мебеллар дўконига қасддан ўт қўйиб, жами 500 миллион сўмлик моддий зарар етказган ва ҳодиса жойидан яширинган. Ёнғин оқибатида ушбу мебеллар дўконига туташган сотув маркази биносининг бир қисмига ҳам ёнғин ўтиб, 100 миллион сўм моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ҳумоюн ва Жонибекга нисбатан Жиноят кодексининг 173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида улар жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, Сирожиддин ва Баҳромга нисбатан Чилонзор тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисми «б,в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Майор Қодиров
267 views08:59