Get Mystery Box with random crypto!

Савол: Тухумдон кистаси қандай пайдо бўлади Жавоб: Тухумдон | БЕПУШТЛИКНИ ДАВОЛАШ (Инсеминация, ЭКО)

Савол: Тухумдон кистаси қандай пайдо бўлади
Жавоб: Тухумдон кисталари кўпинча туғруқ ёшидаги аёлларда кўп кузатилади ва бу кисталарнинг аксарияти хавфсиз саналади. Ҳар бир аёлда ҳаётининг бир палласида тухумдон кистаси пайдо бўлиши мумкин ва улар бирор даво чораси қўлланмаса ҳам ўз-ўзидан сўрилиб кетади. Тухумдон кистасининг ҳосил бўлиш сабаблари тўлиқ аниқланмаган. Бунда гонадотропин гормонлари ва апоптоз (ҳужайранинг ҳалок бўлиши дастурини тартибга солувчи жараён) фаолиятининг бузилиши рол ўйнаши тахмин қилинади. Ундан ташқари туғруқ ёшида узоқ муддат ҳомиладорликнинг юзага келмаслиги, ўтказилган абортлар, эндокрин тизим касалликлари ҳам сабаб бўлиши мумкин. Мазкур омиллар киста ҳосил бўлиш хавфини орттиради.
Тухумдон балоғат ёшидан бошлаб гормон ишлаб чиқариб ҳайз келишини таъминлайди. Шу билан бирга тухумдон ичида ҳар ой битта тухум ҳужайра пайдо бўлиб етилади ва овуляция натижасида тухум ҳужайрани уруғланиш жойи бўлган бачадон найига чиқаради. Агар ҳомиладорлик юзага келмаса тухум ҳужайра йўқолиб ҳайз кела бошлайди. Тухумдон эса янги тухум ҳужайра етиштиришга киришади. Тухумдонларда тухум ҳужайра фолликула деб номланувчи ичи суюқликдан иборат шиллиқ тузилма ичида жойлашади. Бу фолликула овуляция пайтида 18-20 мм ўлчамларгача катталашади ва гормон миқдори ортиши билан одатда ҳайз цикли ўртасида энг заиф жойидан ёрилади ва тухум ҳужайрани ўзидан чиқариб юборади. Бу тухум ҳужайрадан бўшаган фолликула кейинчалик сариқ танага айланиб, ҳомиладорликни қўллаб-қувватлаш учун прогестерон гормони ишлаб чиқаришда давом этади. Баъзи ҳолатларда фолликула ёрилмай қолади ва ортиқча катталашиб кистага айланиши мумкин. Тухумдон кистаси – ичи суюқлик ёки ярим суюқ бўлган, атрофдаги тўқималардан ажралган қобиқли ҳосила (пуфакча)дир. Бу ҳосилаларнинг аксарияти катталашган тақдирда ҳам ҳайз келиши билан тушиб кетади. Баъзилари эса ҳайз билан тушиб кетмай тана ичида қолиб катталашади ва ҳайз циклининг бузилишига олиб келишидан уни билиш мумкин бўлади. Айримлари эса бирор бир аломатсиз бўлиб, гоҳида муолажа пайтида борлиги қайд этилади.