Get Mystery Box with random crypto!

МАКТАБЛАРДАГИ ЛАВОЗИМЛАРНИ ЎЗГАРТИРАВЕРИШ ХОДИМЛАРНИНГ ИШЧАНЛИ | Ўқитувчи | Мактаб таълими ходимлари учун махсус канал

МАКТАБЛАРДАГИ ЛАВОЗИМЛАРНИ ЎЗГАРТИРАВЕРИШ ХОДИМЛАРНИНГ ИШЧАНЛИКК ҚОБИЛИЯТИНИ ПАСАЙТИРАДИ

Деярли ҳар йили мактаблардаги лавозимлар ўзгартирилиши ёки қисқартирилишига ўрганиб қолдик. Қўпол қилиб айтганда, ҳар қандай соҳа вакили тушуниб тушунмасдан халқ таълими тизимига аралашадиган бўлиб қолди.

Янгилик киритиш керак экан деб, бўлар бўлмас ўзгаришлар қилавериш ҳеч қачон яхшиликка, таълим сифатининг ортишига хизмат қилмайди. Адашмасам 2017 йилларда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосариги лавозимига фақат пенсионер харбийлардан тайинлаш керак деб таклиф киритилганди. Хатто бунинг учун номзодлар рўйхати ҳам шакллантирилди. Шуни деб йил давомида директор ўринбосарлари тушкун кайфиятда ишлашга мажбур бўлди. Яхшиямки, бу таклиф маъқулланмади.

Кейинчалик, «Камолот» ёшлар ҳаракати тугатилиб, Ёшлар иттифоқи тузилгани учун ёшлар етакчиси лавозими қайта ташкил этилиб, кўплаб ўрта махсус маълумот билан ишлаётган етакчилар ишсиз қолишди. Уларнинг ўрнига эса олий маълумотли ёшлар етакчилари тайинланди.

Етакчилик лавозими жорий қилинганига ҳеч қанча бўлмай туриб, мактабда яна янги «Ижодий маданий масалалар бўйича тарғиботчи» лавозимини жорий этилаётганлиги учун етакчилар штат бирлигини 0.75 ставкага тушуриш таклифи берилди. Бунинг оқибатида ёшлар етакчилари сарасимага тушди.

Кейинроқ, Президентга ёшлар номидан мурожаат бўлгач, етакчилик штати тўлиқ сақланиб қоладиган бўлди. Орадан бироз вақт ўтгач эса, энди мактабдаги ёшлар етакчиси штат бирлигини бутунлай тугатиш таклифи берилди. Айни дамда бунинг муҳокамаси ҳали ҳам давом этяпти. Мактабга етакчилик штати керак бўлмаса, унда нима учун бу лавозим жорий қилинган деган савол эса ҳали ҳам очиқ турибди.

Энг ажабланарли тарафи шундаки, етакчилик лавозимини қисқартиришга сабаб улар яхши ишламаётганлиги экан. Бундай важларни рад этган ҳолда шуни айтоламанки, етакчилар орасида зўр ишлайдиганлари жуда кўп. Фақат уларга ўз вазифасига кирмайдиган топшириқлар жуда кўп берилади. Шу сабали айримлари мактабдан узилиб қолган бўлиши мумкин. Айрим етакчиларнинг ишламаслигига улар эмас, уларни бошқараётган тизим айбдор деб биламан.

Эндинги навбат психолог лавозимига келди. Хабарингиз бўлса, 2018 йилда мактаблардаги психолог штат бирлиги кам эканлиги сабабли ўша йилнинг 1 сентябридан уларнинг штат бирлиги сезирарли даражада кўпайтирилди. Февраль ойида эса психолог штатларини кисқартириш ҳисобидан мактабга яна янги - вояга етмаганлар масалалари бўйича 2 мингта профилактика инспектори лавозимини киритилиши мумкинлиги айтилди. Ва бу амалга ҳам ошди.

Энди буёғига мактаблардаги лавозимларни ўзгартириш ёки қисқартишни тўхтатиш керак. Агар жудаям зарур бўлиб, халқ таълими тизимидаги лавозимларга ўзгартириш киритиш керак бўлиб қолса, умуман соҳага алоқаси бўлмаган шахслардан эмас, таълим тизимида катта тажрибага эга бўлган педагоглар билан маслаҳат қилайлик.

Энг муҳими бу масалада якдил бир қарорга келиб олиш лозим. Чунки ҳадеб лавозимларни қисқартириш ёки уларнинг вазифаларини ўзгартиравериш, ходимларнинг ишчанлик қобилиятини пасайтиради. Ўйлаб кўринг, таътилдан қайтиб яхши кайфиятда ишламоқчи бўлиб турган ходимга, сиз яқинда ишдан бўшайсиз, лавозимингиз қасқарар экан дейишса, у ходим қандай ҳолатга тушади? Сизнингча, шу кайфият билан янги ўқув йилиги бошлаган ходим яхши ишлай оладими? Масалани шу тарафини ўйламасдан жуда кўп ҳаракатлар бўляпти менимча.

Мактабдаги директор ўринбосари, ёшлар етакчиси, психолог лавозимини тугатиш ёки қисқартириш билан ҳеч нима ижобий томонга ўзгариб қолмайди. Ундан кўра педагог ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиш, бемалол эмин-эркин ишлашлари учун шароит яратиш, уларни ўз вазифаларига кирмайдиган қўшича ишлардан тезроқ озод қилиш ҳақида бош қотирайлик.

@ustoz — Халқ таълими ходимлари учун махсус канал