2021-11-18 20:53:23
2021 йил 18 ноябрь куни Бош прокуратурада кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди
Видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисда прокуратура органларининг барча тезкор ходимлари, прокуратура фахрийлари ҳамда жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.
Ҳайъат мажлисини
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев кириш сўзи билан очиб, прокуратура органлари фаолияти Давлатимиз раҳбарининг Президентлик лавозимига киришиш маросимидаги дастуриламал нутқидан келиб чиқадиган устувор вазифалар, жумладан
Президентимиз томонидан илгари сурилган “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этилишини таъкидлади.
Қайд этилдики, Давлат раҳбари илгари сурган еттита устувор йўналишдан иборат бўлган Тараққиёт стратегияси прокурорлардан том маънодаги янгиланишни, ўзгаришни талаб қилади.
Ҳайъат йиғилишида мамлакатда қонунийликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳудудлар кесимида, аниқ рақам ва мисоллар асосида кўрсатиб берилди.
Йиғилишда прокуратура органларининг баъзи ходимлари томонидан содир этилган ножўя ва номуносиб хатти - ҳаракатлар, шу жумладан коррупциявий ҳолатлар ҳамда буларга имкон берган сабаб ва шарт - шароитлар кескин танқид қилинди.
Вилоят, туман (шаҳар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг, Департамент ва Бюро раҳбарларининг ҳисоботлари, тушунтириш ва изоҳлари эшитилди.
Муҳокама натижасига кўра,
фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлган 18 нафар ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Шу билан бирга, ходимлар масъулиятини тубдан ошириш, прокуратура ходими деган номга доғ тушурувчи ножўя хатти – ҳаракатлар содир этмасликлари ҳақида қатъий огоҳлантирилди.
Йиғилишда кўрсатиб ўтилган хато ва камчиликларга йўл қўймаслик, ходимлар томонидан ўз хизмат бурчига масъулият, садоқат ва ҳалоллик билан ёндашишларини ҳамда ҳар қандай қонун бузилишига, айниқса, коррупция ҳолатларига қарши муросасиз курашишларини таъминлаш борасида зарур чора - тадбирлар белгиланди.
Ҳайъатда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
@uzbprokuratura
83 views17:53