2022-01-26 09:46:44
26 январь – Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни.
БОЖХОНАЧИ ҚИЗ
Кун бўйи посбондир бамисли қуёш,
Тун бўйи юлдуздек киприк қоқмас кўз.
Юртнинг кўзига гард қўндирмайди қош –
Давлатни асрайди божхоначи қиз.
Ой каби нур сочиб туради постда,
Ярқираб порлайди елкада юлдуз.
Жасорати шеърдир, мардлиги достон,
Дилбар ва довюрак божхоначи қиз.
Чегара, аэропорт, вокзалда хушёр,
Халқимиз мулкини қилар ҳимоя,
Божхоначи қизлар чаққон дастиёр,
Элга паноҳ бўлар, миллатга соя.
Доим назоратда импорт, экспорт,
Ғаразли савдога йўл қўймас ҳаргиз.
Текширилар вагон, юкхона ва борт,
Поклик фариштаси божхоначи қиз.
Гоҳо ёмғир ёғар, гоҳо ёғар қор,
Аёзда биллурдек ялтирайди муз.
Яшнаб тураверар сулув навбаҳор –
Қордаги лоладек божхоначи қиз.
Гоҳида душманлар учрайди айёр,
Тиш-тирноғи билан келар юзма-юз.
Юрт учун ҳамиша курашга тайёр
Йўлбарссиз, арслонсиз, божхоначи қиз.
Ўлжасин чангалда тутган овчи қуш
Тулкининг ортидан қувиб топар из.
Мумкин эмас сизни айланиб ўтиш,
Бургутсиз, лочинсиз, божхоначи қиз.
Дарвоза олдида сизни чалғитиб,
Ёвузлик қилолмас бирор ялмоғиз.
Дарҳол қайирасиз қўлидан тутиб,
Пайини қирқасиз, божхоначи қиз.
Ортингизда Ватан, бепоён ўлка,
Мустаҳкам қўрғонсиз, чегарачисиз.
Сиз йигитлар билан елкама-елка
Қиличсиз, қалқонсиз, божхоначи қиз.
Юрт байроғин ўпиб, қилган қасамёд,
Тўмарисдан мерос ватанпарвар сўз.
Соҳибқирон Амир Темурдан зурёд,
Мардлар эгачиси божхоначи қиз.
Бировга опасиз, бировга сингил,
Доим севимлисиз, ҳуснда ёлғиз.
Эшикда байроқдек ҳилпираган гул –
Халқнинг она қизи божхоначи қиз.
Эгнингизга яшил мундир ярашган,
Сув бўйига чопиб чиққандек ялпиз.
Ҳамма сизга ҳавас билан қарашган
Жуда чиройлисиз, божхоначи қиз.
Йигитлар лол боқар қоматингизга,
Қошингизга келиб мардлар чўкар тиз.
Ватан тан беради хизматингизга,
Овмин, бахтли бўлинг, божхоначи қиз.
Рустам Мусурмон,
Қорақалпоғистон халқ шоири.
25-26 январь 2022 йил.
218 views06:46