Get Mystery Box with random crypto!

Махсус унвонлар бир поғона кўтарилди Ўзбекистон Республикаси | QR BAJÍXANA

Махсус унвонлар бир поғона кўтарилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан божхона ходимларининг махсус унвонлари бир поғона кўтариладиган бўлди.
“Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар — ҳарбий эмас” деганларидек, ҳарбий хизматга бел боғлаб, елкасига юлдузли погон таққан ҳар бир инсон учун унвонининг ўсиши, юлдузларининг кўпайиши, жипслашиб катталашиши катта куч ва ғайрат бағишлайди.

Давлатимиз Раҳбари томонидан имзоланган фармон асосида давлат божхона қўмитаси Раиси ташаббуси билан навбатдаги махсус унвон олишни йиллар давомида кутган 785 та божхоначиларнинг унвонлари бир поғона қўтарилди.

Бугун эса Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида йиллар давомида кутган навбатдаги махсус унвонларини олиш бахтига сазавор бўлган 76 та божхоначиларнинг унвонлари бошқарма раҳбарияти томонидан тантанали топширилди.

Тадбирда сўзга чиққан бошқарма бошлиғи, божхона хизмати полковниги Илҳомбек Казаков махсус унвонлари бир поғона кўтарилган барча божхона ходимларини табриклаб, уларга юртбошимиз, қўмита Раиси томонидан катта ишонч билдирилаётганлигини ва мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда бор куч-ғайрати ва шижоати билан хизмат қилишида улкан зафарлар тилади.
Тадбир давомида кўп йиллардан буён божхона тизимида ҳалол меҳнат қилиб, соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган бўлим ва пост бошлиқларидан 9 нафарига “божхона хизмати подполковниги” махсус унвони, бошқарма аппарати ва мамлакатимиз сарҳадларидаги чегара божхона постларида хизмат қилаётган катта ва бош инспекторлардан жами 21 нафарига “божхона хизмати майори” махсус унвони, шунингдек, 42 нафар божхоначиларга “божхона хизмати капитани” ва 4 тасига “божхона хизмати катта лейтенанти”, яна 4 нафар ходимга “божхона хизмати лейтенанти” махсус унвонлари топширилди.

Давлатимиз сарҳадларида қишин-ёзин, кеча-ю кундуз мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлиги, халқ осойишталиги йўлида Устюрт платосидаги об-ҳаво қайсарликлари, саратон жазирамаси ва қахратон изғиринига бас келиб, ўз оиласи бағридан олисларга бориб хизмат қилаётган божхона ходимларига билдирилаётган бу каби ишонч уларга янада катта куч бағишлаб, ўз хизмат вазифаларини, она Ватан олдидаги бурчларини янада улкан садоқат ва катта масъулият билан бажаришларига туртки бўлиши аниқ.

Аминмизки, мамлакатимиз сарҳадлари ишончли қўлларда, давлатимиз иқтисодий хавфсизлиги барқарор таъминланмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Ахборот хизмати