Get Mystery Box with random crypto!

Коррупциясиз божхона сари қадамлар илдам ташланмоқда Ўзбекист | QR BAJÍXANA

Коррупциясиз божхона сари қадамлар илдам ташланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 17 февралида божхона органларини ислоҳ қилиш ва уни коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган йиғилиши божхона органларида коррупцияга қарши олиб борилаётган курашни янги босқичга олиб чиқди, десак муболаға бўлмайди.

Божхона органлари шахсий таркиби ўртасида таъмагирлик, порахўрлик, хизмат ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби салбий ҳолатларнинг ва бошқа жиноий ҳаракатлар содир этишининг олдини олиш, ходимлар томонидан хизмат ва ижро интизоми, одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этилиши даражасини ошириш, шунингдек коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича навбатдаги профилактик тадбир Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият ва “Нукус-Аэропорт” чегара божхона постларида ташкил этилди.

Бошқарма раҳбарияти ва шахсий хавфсизлик бўлими томонидан ўтказилган учрашувда божхоначиларга ходимлар ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш, мамлакат хавфсизлигини таъминлашда божхона постларида хизмат олиб бораётган ходимлар ҳамиша хушёр ва сергак бўлишлари, турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда божхона кўриги самарадорлигини ошириш мақсадида, доимий равишда бошқарманинг тегишли бўлимлари иштирокида барча божхона постларида хуфёна ва ошкора текширувлар ўтказиб борилиши тўғрисида таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, тадбир давомида божхона постларида мавжуд муаммолар, ўз хизмат вазифасини тўлақонли бажариш учун тўсқинлик қилувчи омиллар ҳақида ҳам ходимларнинг фикрлари тингланди ва келгусида уларни бартараф этиш чоралари бўйича келишиб олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Ахборот хизмати