Get Mystery Box with random crypto!

Аёллар жинсий аъзосида вена қон томирларнинг кенгайиши Иш юза | БЕПУШТЛИКНИ ДАВОЛАШ (Инсеминация, ЭКО)

Аёллар жинсий аъзосида вена қон томирларнинг кенгайиши

Иш юзасидан туғруқхонага йўлим тушди-ю, УТТ хонаси олдида навбатда турган аёллар билан суҳбатлашиб қолдим. Гап орасида аёллардан бири жинсий аъзодаги вена томирининг кенгайишидан сўз очди. Маълум бўлишича, бу каби муаммо ҳомиладорликнинг сўнгги ойида кўпгина аёлларни безовта қилар экан. «Шу ҳақда ёзинг» деганича текширувга кириб кетган аёлнинг сўзлари ҳақиқатан ҳам ўйлантириб қўйди. Ҳомиладорлик даврида жинсий аъзо вена томирларининг кенгайиши қандай содир бўлади? Бу ҳолатнинг туғруққа таъсири борми?

Шунақаси ҳам бўларканми?

Маълумки, ҳомиладор аёл организмида туғруққа қадар турли ўзгаришлар содир бўлиши мумкин. Хусусан, оғир юк кўтариш, вена деворларининг туғма сустлиги, ҳомилали бачадон таъсирида кичик чаноқ веналарида қон димланиб, катта жинсий лабларда вена томирларининг варикоз кенгайиши шулар жумласидандир. Бунда катталашаётган ҳомила кичик чаноққа зўриқиш бериб, кучли оғриқни келтириб чиқаради ва ҳаракатланиш учун ноқулайлик юзага келади. Аксарият ҳолларда жинсий аъзодаги вена томирининг кенгайиши ҳомиладорликнинг охирги уч ойлигида юз бериб, енгил, ўрта ва оғир даражалари билан фарқланади.

Ўзгаришларни қандай биламиз?

Ҳомиладор даврингизда жинсий аъзоларда вена қон томирларининг варикоз кенгайиши бор-йўқлиги ўйлантираётган бўлса, қуйидаги белгиларга диққат қилинг:

жинсий лабларнинг одатдагидан катталиги;
тери юзасида қичишиш, ачишиш пайдо бўлиши;
жинсий яқинлик вақти оғриқ ва ноқулайликлар кузатилиши;
шишган тери юзасининг қорайиб қолиши (пигментация);
вена қон томири илон изи каби кўриниш олиб, бўртиб қолиши.
Шифокорлар фикрича, бу турдаги вена томирининг кенгайиши юз берганда ушбу ҳолат оёқдаги вена томирларида ҳам бўлиши мумкин. Қолаверса, вена томирларининг кенгайиши қон айланиш тизимидаги ўзгаришлар сабаб ҳам юзага келади.

Кимга мурожаат қилай?

варикоз

Аввалига даволовчи гинеколог-шифокорингиз билан маслаҳатлашиб, керакли текширувлардан ўтасиз. Бунда катталашган вена қон томирининг ҳолати ва даражаси ўрганилиб, керакли тавсияларга эга бўлишингиз мумкин. Фарзанд кутаётганингизни ҳисобга олган ҳолда бирор дори препарати ёки суртмалар тавсия этилиши мумкин бўлмаса-да, оғриқни енгиллаштириш чоралари буюрилади.

Жумладан, туғруққа қадар тақиладиган бандажлардан фойдаланиш ҳам жинсий аъзога тушаётган оғирликни енгиллаштиришга кўмак беради. Қолаверса, жисмоний зўриқишдан сақланиш, кун тартибига амал қилиш, қулай пойабзалдан фойдаланиш, тўғри овқатланиш каби омиллар ҳам муҳим. Кенгайган вена томирида кучли оғриқ безовта қилса, шифокор кўрсатмасига мувофиқ вақти-вақти билан оғриқсизлантирувчи препаратларни қабул қилиш ҳам мумкин.

Асоратлари хавфлими?

Айрим аёллар ҳомилага зиёни бўлса-чи, деган ўйда шифокор кўригидан ҳайиқишади. Аслида эса мутахассисга ўз вақтида мурожаат қилинсагина, асоратларнинг олдини олиш ҳамда тўғри даволанишга эришиш мумкин. Акс ҳолларда кенгайган вена томири бошқа жинсий аъзолар, қин, бачадон соҳаларига ҳам тарқалиши мумкин.

Туғруққа таъсири борми?

Мутахасиссислар фикрича, кенгайган вена томири енгил ёки ўрта даражада бўлса, туғруқ жараёнлари табиий йўл билан ўтказилади. Борди-ю, вена томирининг кенгайиши оғир даражада бўлиб, оғриқ кузатилса, туғруқ пайти кесарча кесиш усули қўлланилиши ҳам мумкин.

Қачон даволанилади?

Умумий аҳволингиздан келиб чиқиб, туғруққа қадар оғриқни енгиллаштирувчи муолажалар қўлланилса-да, асосий даво чоралари туғруқдан сўнг бажарилади. Ҳар бир организм индивидуал кўринишда бўлгани боис туғруқдан сўнг вена томирларининг эластиклик хусусиятининг тикланиши ҳам турлича бўлиши мумкин. Кимдадир кенгайган вена томири 30-40 кун ичида ўз ҳолига қайтса, айримларда бу жараён тезроқ ёки бундан ҳам секинроқ кечади. Шундай бўлса-да, бир марта кенгайган вена томири қайта шу ҳолатга тушмаслигига кафолат йўқ. Агар вена томири эластиклик хусусиятини тиклай олмаса, шифокор кўрсатмаси билан склеротерапия ёки жарроҳлик аралашуви ўтказилиши мумкин.

Бу муҳим!

Айрим аёллар вена томирининг кенгайиши сабаб оғриқ юзага келса, билиб-билмай иссиқ ванна ёки турли суртмалардан фойдаланиш мумкин деб ўйлашади.