Get Mystery Box with random crypto!

Агар ходим ўзи рози бўлмаса, ҳашар муносабати билан иш ҳақидан | Ўқитувчи | Мактаб таълими ходимлари учун махсус канал

Агар ходим ўзи рози бўлмаса, ҳашар муносабати билан иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин эмас

Ҳар йилги анъанага мувофиқ, жорий йилнинг 16-18 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Одатда, ҳашар муносабати билан ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи ушлаб қолиниб, “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ўтказиб берилишига одатланиб қолганмиз. Яъни ҳеч ким ходимлардан сўраб ҳам ўтирмайди, шунчаки бухгалтерлар ёппасига 1 кунлик иш ҳақини ўтказади, тамом.

Кўпчилик ходимлар эса буни сезмайди ҳам!

Бироқ, бир нарсани унутмаслигимиз лозимки, ҳашар муносабати иш ҳақидан ушлаб қолиниши мутлақо ИХТИЁРИЙ, ҳеч қанақа МАЖБУРИЙ ЭМАС!

Чунки, Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра ходимнинг ёзма розилиги бўлмай туриб унинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин эмас. Шунингдек, мазкур моддада иш ҳақидан ходимнинг розилигисиз ҳам ушлаб қолиниши мумкин бўлган ҳолатлар санаб ўтилган бўлиб, улар орасида ҳашар назарда тутилмаган!

Розилик деганда ҳар бир ходимнинг ёзма розилиги назарда тутилади. Кўп ҳолатларда шунчаки ташкилот ходимлари жамоаси номидан битта протокол қилиниб, худдики ўша мажлисда ҳамма ходим қатнашган-у, ҳашарга 1 кунлик иш ҳақини беришга рози бўлгани ҳақида ёзиб қўйилади. Лекин ходимлар буни билмайди ҳам. Аслида бу ҳам нотўғри, бунақа усул билан ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш НОҚОНУНИЙ! Ҳар бир ходим ўзи шахсан ҳашар учун 1 кунлик иш ҳақини ушлаб қолишга рози эканлиги ҳақида имзо чекиши ШАРТ!

Ҳашар — бу ўзбекона удум, миллий урф-одатимиз. Имконингиз бўлса, ҳашарда албатта қатнашинг, атрофимизни ободонлаштириш, тозалаш ишларида фаол бўлинг. Кам таъминланган, ногиронлиги бор шахсларга, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам қўлини чўзинг, улардан ҳол-аҳвол сўранг. Жамоатчилик ишларида томошабин бўлиб четда турманг.

Аммо 1 кунлик иш ҳақингизни "Маҳалла" хайрия фондига ўтказиш ёки ўтказмасликни ўзингиз ҳал қилинг. Бу сизнинг мутлақ ихтиёрингиз. Чунки сиз у пулни ҳалол ишлаб топгансиз, ўзгалар сиздан сўрамасдан уни ишлатишига ҳаққи йўқ. Шуни билиб қўйсангиз, ёмон бўлмасди. Ҳақ олинур, берилмас!

Манба

Ойлик ҳисоблаш учун бот

Ўқитувчи каналига обуна бўлинг
https://t.me/+KzysPSHcaRVlMGQy