Get Mystery Box with random crypto!

Божхонани коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш бўйича профилак | QR BAJÍXANA

Божхонани коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш бўйича профилактик учрашувлар давом этмоқда

Муҳтарам Президентимизнинг “Божхона – бошқа давлат идораларига ўрнак бўлиши керак” деган жумласини ўзига шиор қилиб олган божхона тизими ходимлари олдида бугун соҳани ҳар томонлама ривожлантириш, уни бутунлай коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш, замон билан ҳамнафас қадам ташлаш каби масъулиятли вазифалар турибди.

Тизим ходимларининг бор куч-шижоати билан хизмат қилиши, ўз устида доимий ишлаб, салоҳиятини ошириб бориши учун қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Хўжайли” чегара божхона пости шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги профилактика йиғилиши ҳам божхонани коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилди.

Профилактика тадбирида бошқарма раҳбарияти ва шахсий хавфсизлик бўлими бошлиғи қатнашиб, коррупция миллат заволи саналишини, божхона постларида коррупция иллатига қарши барча таркибий тузилмалар ҳамжиҳатликда қаттиқ курашиши лозимлиги, бу иллатнинг келиб чиқишига замин яратиши мумкин бўлган ҳолатларни йўқотишга эътибор бериш, ҳар қандай жиноий қилмиш охир оқибат фош бўлиши ва унга албатта жазо муқаррарлиги таъкидланди.

Шунингдек, учрашув давомида Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан кейинги йилларда божхона ходимларининг ижтимоий ҳимоясига қаратилаётган алоҳида эътибор бўйича ҳам тушунтиришлар берилиб, ажратилаётган моддий ва ижтимоий ёрдам қонунчилик ҳужжатлари билан мустаҳкамланганлиги айтиб ўтилди.
Шахсий хавфсизлик бўлими бошлиғи А.Рўзметов томонидан шахсий таркибга пок ва виждонан, сидқидилдан меҳнат қилиб, фарзандларига ҳалол луқма едиришнинг гашти ўзгачалиги айтилди, осон йўллар билан ноқонуний топилган моддий манфаат учун қариган ота-онасининг юзини ерга қаратмасликка даъват этилди.

Таъкидлаш жоизки, божхона тизимини коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш, унда фақат ҳалол меҳнат қилиб, қонунчилик талаблари асосида хизмат қилувчи божхоначилар фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, шахсий таркибнинг хизмат ва ижро интизомига риоя қилиши, улар томонидан коррупция, таъмагирлик, порахўрлик, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби жиноятлар ҳамда бошқа салбий ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш йўналишида ишлар жадал тусда олиб борилмоқда.

Биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси шахсий хавфсизлик бўлими томонидан 2022 йилнинг ўтган даврида бошқарма ходимлари иштирокида 49 маротаба умумий-профилактика тадбирлари ўтказилди, 89 нафар ходимларнинг ота-онаси ва оила аъзоларига антикоррупцион мазмунда умумий шаклдаги огоҳлантириш хатлари ҳамда интизомий жазоси мавжуд бўлган 15 нафар ходимларнинг ота-онаси ва оила аъзоларига индивидуал шаклдаги огоҳлантириш хатлари берилди.
Шахсий таркиб билан олиб борилган профилактик тадбирлар давомида, бошқарманинг барча божхона постларида хизматнинг тўғри ташкил этилиши, ходимлар томонидан товар ва транспорт воситалари, фуқаролар ҳамда уларга тегишли бўлган багаж ва қўл юкларини божхона назоратидан тўлақонли ўтказилиши, шу билан бирга, ходимлар хушёрлиги 2022 йил январь-июнь ойлари давомида 47 маротаба хуфёна тарзда текширилди.

Жумладан, бошқарма тасаруффидаги чегара божхона постларида 24 маротаба, ТИФ божхона постларида 7 маротаба, бошқарма маъмурий биносида 2 марта, ТИФ божхона постларида ходимлар томонидан ўтказилаётган божхона кўриклари 14 марта текширилди. Текширувлар натижасида хизмат вазифасини бажариш давомида камчиликларга йўл қуйган 4 нафар ходимлар интизомий жазога тортилди.

Ишончимиз комилки, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси ўз натижасини кўрсатиб, божхона соҳаси ҳурматли Президентимиз ишончини оқлайди ва албатта коррупциядан ҳоли тизимга айланади.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Ахборот хизмати