Get Mystery Box with random crypto!

Давлат божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов 785 нафар бож | QR BAJÍXANA

Давлат божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов 785 нафар божхона ходимларининг махсус унвонларини бир поғона кўтарди

Ушбу ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-122-сон Фармони ижросидан келиб чиқиб, амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, Фармон давлат божхона органларида хизмат қилаётган ходимларда касбига нисбатан садоқат ва ҳалоллик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим чора-тадбирларни ўзида қамраб олган.

Жумладан, ушбу ҳужжат билан тасдиқланган “Божхона органларини коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш Дастури”да кадрлар билан ишлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган муҳим тадбирлар қаторида ҳудудий божхона бошқармалари аппарати, Божхона институти, Миллий кинология маркази ва божхона постларидаги айрим лавозимлар учун белгиланган махсус унвонларни бир поғона кўтариш назарда тутилган.

Шу муносабат билан жорий йил 18 июль куни Давлат божхона қўмитасида барча ҳудудий божхона бошқармалари ва божхона постлари ходимлари иштирокида видеоконференция тарзида ўтказилган хизмат йиғилиши давомида қўмита раиси 785 нафар божхона ходимларининг махсус унвонларини бир поғона кўтаришга қаратилган буйруққа имзо чекди.

Жумладан, 305 нафар ходимлар “божхона хизмати капитани”, 319 нафар ходимлар “божхона хизмати майори” ва 82 нафар ходимлар “божхона хизмати подполковниги” махсус унвонига сазовор бўлишди. Уларнинг аксарияти бу унвонни кўп йиллардан бери кутишган.

- Буларнинг барчаси учун аввало Муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз. Улар томонидан соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва ишончни оқлаш учун эндиликда янада фидойилик ва шижоат намунасини кўрсатишимиз керак. Ўз касбига, қасамёдига содиқ қолган, элу юрт манфаати учун оғишмай хизмат қилаётган божхона ходимларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби тадбирлар мунтазам давом этади – деди Акмалхўжа Мавлонов.